Бошкарма низоми

Бошкарма низомиНавоий вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси НИЗОМИ

 

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодексига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2003 йил 2 декабрдаги 538-сон қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг Навоий вилояти архитектура ва қурилиш бош бошқармасининг (кейинги ўринларда Бош бошқарма деб аталади) мақоми, вазифалари, функциялари, ваколатлари ва жавобгарлигини белгилайди.

«Давархитектқурилиш» қўмитаси тизимидаги Бош бошқарма республикада архитектура ва шаҳарсозликни бошқариш органларининг ягона тизимидаги ҳудудий бўғин ҳисобланади, ўз фаолиятида «Давархитектқурилиш» қўмитасига, Вазирлар Кенгашига, Навоий вилоят ҳокимига бўйсунади.

2. Бош бошқарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек «Давархитектқурилиш» қўмитасининг буйруқлари, қарорлари ва фармойишларига амал қилади.

3. Бош бошқарма «Давархитектқурилиш» қўмитасининг ваколати доирасига кирувчи вазифаларни ўзи фаолият кўрсатаётган ҳудудда амалга оширувчи давлат органи — юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, банкларда ҳисоб рақамларига эга бўлади.

II. Бош бошқарманинг асосий вазифалари ва функциялари

4. Қуйидагилар Бош бошқарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:

шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, ҳудудларнинг анъанавийлигига эътибор бериб, замонавий архитектура ва шаҳарсозлик талабларини ва технологияларни ҳисобга олган ҳолда ҳудудларни ривожлантиришни режалаштириш, ҳудудни режалаштириш тарҳлари ҳамда туманларни (туманлар гуруҳларини) режалаштириш лойиҳалари, аҳоли пунктларининг бош режалари, батафсил режалаштириш лойиҳалари ва ўз ҳудудларига оид бошқа шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқилишини, уларнинг маъқулланишини ва экспертизадан ўтказилишини ҳамда тасдиқланишини ташкил этиш;

шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларини режалаштириш ва қуриш лойиҳаларида шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳудудларини меъморий режалаштириш ва ташкил қилиш;

шаҳарсозлик фаолияти соҳасида ягона илмий ва техника сиёсатини амалга ошириш, тегишли ахборот базасини яратиш;

тегишли ҳудудни ривожлантириш бўйича шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларига шаҳарсозлик фаолияти объектларини жойлаштириш ҳамда тегишли ҳудудда муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш юзасидан таклифлар киритиш;

бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларнинг лойиҳалари тасдиқланишига розилик бериш;

тегишли ҳудуддаги шаҳарсозлик фаолияти объектлари бўйича лойиҳалаштириш ишларини ва комплекс муҳандислик қидирувларини ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчиларнинг муаллифлик назоратини мувофиқлаштириб бориш;

«Давархитектқурилиш» қўмитаси билан келишган ҳолда қурилиш қоидаларини ишлаб чиқиш;

капитал қурилишда иқтисодий ислоҳотларнинг боришини мувофиқлаштириш ва унинг мониторингини олиб бориш, капитал қурилишда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ҳамда вилоят ҳокимлиги ва «Давархитектқурилиш» қўмитасига тақдим этиш;

лойиҳалаштириш ва пудрат ишлари, қурилиш материаллари бозорларида рақобат муҳитини янада шакллантириш бўйича таклифлар киритиш;

шаҳарлар, қишлоқ аҳоли пунктлари ва қишлоқлар орасидаги ҳудудларни режалаштириш ва қуришда шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ва стандартларига риоя этилиши, архитектура ёдгорликлари ва маданий мерос объектлари сақлаб қолинишини ҳисобга олган ҳолда уларнинг архитектура-режалаштирилиши ва архитектура-бадиий сифатлари бўйича назорат ишларини олиб бориш ва архитектура ва шаҳарсозликда миллий ва маданий анъаналарни ривожлантириш ишларини мувофиқлаштириб бориш.

5. Бош бошқарма ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади, ҳудудларнинг анъанавийлигига эътибор бериб, замонавий архитектура ва шаҳарсозлик талабларини ва технологияларни ҳисобга олган ҳолда ҳудудларни ривожлантириш, ҳудудни режалаштириш тарҳлари ҳамда туманларни (туманлар гуруҳларини) режалаштириш лойиҳалари, аҳоли пунктларининг бош режалари, батафсил режалаштириш лойиҳалари ва ўз ҳудудларига оид бошқа шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқилишини, уларнинг маъқулланишини ва экспертизадан ўтказилишини ҳамда тасдиқланишини ташкил этади;

шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларини режалаштириш ва қуриш лойиҳаларида шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳудудларини меъморий режалаштириш ва ташкил қилиш ишларини мувофиқлаштириб боради;

шаҳарсозлик фаолияти соҳасида ягона илмий ва техника сиёсатини амалга оширади, тегишли ахборот базасини яратади;

тегишли ҳудудни ривожлантириш бўйича шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларига шаҳарсозлик фаолияти объектларини жойлаштириш ҳамда тегишли ҳудудда муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш юзасидан таклифлар киритади;

бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларнинг лойиҳалари тасдиқланишига розилик беради;

тегишли ҳудуддаги шаҳарсозлик фаолияти объектлари бўйича лойиҳалаштириш ишларини ва комплекс муҳандислик қидирувларини ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчиларнинг муаллифлик назоратини мувофиқлаштириб боради;

капитал қурилишда иқтисодий ислоҳотларнинг боришини мувофиқлаштиради ва унинг мониторингини олиб боради;

капитал қурилишда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди ва маҳаллий давлат ҳокимияти органига ҳамда «Давархитектқурилиш» қўмитасига тақдим этади;

лойиҳалаштириш ва пудрат ишлари, қурилиш материаллари бозорларида рақобат муҳитини янада ривожлантириш бўйича таклифлар киритади;

шаҳарлар, қишлоқ аҳоли пунктлари ва қишлоқлар орасидаги ҳудудларни режалаштириш ва қуришда шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ва стандартларига риоя этилиши, архитектура ёдгорликлари ва маданий мерос объектлари сақлаб қолинишини ҳисобга олган ҳолда уларнинг архитектура-режалаштирилиши ва архитектура-бадиий сифатлари бўйича назорат ишларини олиб боради ҳамда архитектура ва шаҳарсозликда миллий ва маданий анъаналарни ривожлантириш ишларини мувофиқлаштириб боради;

шаҳарсозлик фаолияти соҳасида шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, бошқа қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашда қатнашади, таклиф киритади, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан доимий мониторинг олиб боради;

ҳудудларни режалаштириш тарҳлари ва умумдавлат аҳамиятига эга бўлган алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқилишида, шунингдек шаҳарсозлик фаолияти соҳасида илмий-тадқиқот ишларида қатнашади;

маҳаллий давлат ҳокимияти органига шаҳар, шаҳар посёлкалари ва қишлоқ аҳоли пунктларининг чегараларини белгилаш тўғрисида таклифлар киритади;

капитал қурилишда иқтисодий ислоҳотларнинг бориши ва унинг аҳволи, лойиҳа ва қурилиш ташкилотларида, қурилиш саноати корхоналарида рейтинг баҳоларини акс эттирувчи кўрсаткичлар тизими бўйича таҳлилларни олиб боради;

лойиҳалаш ва пудрат ташкилотлари, қурилиш саноати корхоналари ва инвестиция фаолиятининг бошқа қатнашчилари, шунингдек қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмларининг нархлари, қурилиш машиналари ва механизмлари қиймати, транспорт харажатлари, ҳудудлардаги ташкилотлар, корхоналар бўйича қурувчи ишчиларнинг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар тўпламини шакллантиради;

муҳандислик изланишлари соҳасида ягона техникавий сиёсатни амалга оширади, капитал қурилиш учун комплекс муҳандислик изланишларининг давлат фондини яратади;

шаҳарсозлик фаолияти соҳасида қоида бузилишлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган молиявий ва бошқа жазоларни белгиланган тартибда қўллайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳолларда йўл қўйилган қоида бузилишларида айбдор бўлган юридик ва мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига беради;

манфаатдор ташкилотлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан биргаликда шаҳарсозлик фаолиятида таркибий, илмий-техник ва иқтисодий сиёсатнинг асосий йўналишларини белгилашда иштирок этади;

шаҳарсозлик фаолияти, инвестиция жараёнини бошқариш, шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, пудрат ишлари ва қурилиш материаллари бозорини такомиллаштириш, янги техника ва қурилиш-монтаж ишларига замонавий технологияларни қўллаш масалалари бўйича хорижий мамлакатлар ва ташкилотлар билан халқаро илмий-техник ва иқтисодий ҳамкорликни амалга оширишда вилоятдаги корхона ва ташкилотларга яқиндан ёрдам беради, хорижий ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишда кўмаклашади;

ўз ваколатлари доирасида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириб боришни ташкил этади;

аҳолини шаҳарсозлик фаолияти тўғрисидаги маълумотлар билан мунтазам равишда хабардор қилиб боради;

маҳаллий давлат органларига ҳудуддаги шаҳарсозлик фаолияти объектларини жойлаштириш, муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилма объектларини ривожлантириш бўйича таклифлар киритади;

бинолар, иншоотлар ва бошқа турдаги объектлар лойиҳаларини кўриб чиқади ва тасдиқлаш учун розилик беради;

тегишли ҳудуддаги шаҳарсозлик фаолиятига доир лойиҳалаштириш, комплекс муҳандислик-қидирув ишлари, муаллифлик назорати ташкил этилиши, шунингдек, қурилиш, қурилиш-таъмирлаш ишлари архитектура-шаҳарсозлик талабларига риоя этилишини мувофиқлаштиради;

тегишли ҳудуддаги шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бошқармаси, давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекциясининг ва қурилишда танлов савдолари ва нархларни шакллантириш ҳудудий консалтинг марказининг архитектура-шаҳарсозликка доир фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

қурилиш қоидалари ва бошқа ҳужжатларни, капитал таъмирлаш, реставрация, ободонлаштириш, ландшафт ва шаҳарсозлик дизайнига оид ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун «Давархитектқурилиш» қўмитасига тақдим этади;

тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида ҳудудлардаги ерлардан унумли фойдаланиш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органига таклифлар киритади;

ҳудудни ривожлантириш борасидаги шаҳарсозлик ҳужжатлари, аҳоли пунктларининг бош режалари, батафсил режалаштириш лойиҳалари асосида барча турдаги қурилиш объектлари учун ер участкаларини белгилайди ҳамда бу тўғрида ҳокимнинг қарори лойиҳасини тайёрлайди;

маданий мерос объектларини сақлаш, реставрация қилиш ва фойдаланиш ва уларнинг муҳофаза ҳудудларини аниқлаш бўйича чора-тадбирларни белгилайди;

қурилиши тугалланган фуқаролик, ижтимоий, коммунал ҳамда ишлаб чиқариш объектларини қабул қилишда қонунларда белгиланган тартибда қатнашади;

тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида қурилиш объектларини жойлаштириш, барча турдаги қурилиш объектлари учун ер танлаш ва ажратиш тўғрисида маҳаллий давлат органларининг қарорлари асосида ажратилган ер майдонларини натурада белгилаш ва чегаралаш ишларини амалга оширади;

аҳоли пунктларининг бош режаларида ва муфассал режалаштириш лойиҳаларида кўзда тутилмаган объектларни майдонларда жойлаштиришда лойиҳа ташкилоти (муаллиф) билан келишиш ишларини олиб боради;

тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида шаҳарсозлик фаолияти объектларини лойиҳалаштириш учун, яъни қурилиш, капитал реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда бино ва иншоотлар реставрацияси, шу билан бирга муҳандислик, транспорт инфратузилмаси учун архитектура-режалаштириш топшириқларини (АРТ-1 ва АРТ-2) ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва қурувчи — буюртмачиларга тақдим этади;

тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида якка тартибда уй-жой қуриш учун қурилиш паспортини ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва қурувчи-буюртмачиларга тақдим этади;

шаҳар, туман архитектура ва қурилиш бошқарма (бўлим)лари, улар ҳузуридаги хўжалик ҳисобидаги ишлаб чиқариш бўлимларига ва якка тартибда уй-жой қурилишини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва мониторинг ўтказиш бўйича секторларга раҳбарлик қилади, шунингдек мулкчилик шаклларидан қатъи назар, тегишли ҳудуддаги лойиҳалаш ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ишларини олиб боради;

шаҳарсозлик кадастрини, ер ажратиш ва иморат қуришга оид жорий тезкор режалар тузиш, ер ости муҳандислик коммуникациялари жойлашишини рўйхатга олиш, навбатчи режаларни ва муҳандислик-геология ишланмалари атласларини юритиш бўйича ишларини ташкил этади;

ер участкаларини ажратиш, лойиҳа-режалаштириш ҳужжатларини сақлашга доир ягона техник архивни ташкил этади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.

III. Бош бошқарманинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

6. Бош бошқарма ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

архитектура ва қурилиш соҳасидаги муҳим масалаларни кўриб чиқиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар ташкил этиш;

шаҳарсозлик, экологик талабларга ва архитектура органлари томонидан берилган архитектура-режалаштириш топшириқларига (АРТ-1 ва АРТ-2) жавоб бермайдиган лойиҳаларга розилик беришни рад этиш;

амалдаги йўриқномалар ва меъёрий ҳужжатлар талабларини бузган ҳолда ёки белгиланган тартибда берилган рухсатномасиз олиб борилаётган топогеодезия ва муҳандислик-геология қидирув-режалаштириш ва қазиш ишларини амалга оширишни тўхтатиш;

ўз ваколатлари доирасида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида капитал қурилишдаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш масалалари юзасидан таклифлар ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириш;

ўз ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этиш учун зарур бўлган ҳужжатларни ҳудуддаги ташкилотлар, корхоналар, муассасалардан, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларидан сўраш ва белгиланган тартибда олиш;

илмий-тадқиқот, технология, лойиҳа-конструкторлик ташкилотларини, таълим муассасаларини ва бошқа ташкилотлар мутахассисларини, шунингдек олимларни шаҳарсозликка, архитектура ва қурилишга оид ҳужжатларни ишлаб чиқишга белгиланган тартибда жалб этиш;

шаҳарсозлик фаолияти соҳасида энг яхши лойиҳанинг илмий-техник ишланмаларини ҳамда ҳудудларни ривожлантиришни режалаштириш ва қуриш лойиҳаларини танлаш мақсадида маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, йирик ташкилотлар ва Ўзбекистон Республикаси архитекторлар уюшмаси билан биргаликда белгиланган тартибда лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун танловлар ўтказиш ва танлов комиссияларини ташкил этиш;

«Давархитектқурилиш» қўмитасига амалдаги қонунларни, шаҳарсозлик, экологик ва бошқа меъёрий талабларни бузган ҳолда ишлаётган лойиҳа, қурилиш ва ишлаб чиқариш ташкилотларининг лойиҳалаш, қурилиш ва қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳуқуқини берувчи лицензияларини олиб қўйиш тўғрисида таклифлар киритиш;

тегишли архитектура-шаҳарсозлик фаолияти билан шуғулланиш учун лойиҳаларни ишлаб чиқишга, мулкчилик шакларидан қатъи назар, корхоналар ва ташкилотларга лицензиялар бериш учун белгиланган тартибда «Давархитектқурилиш» қўмитасига таклифлар киритиш;

амалдаги йўриқнома ва қоидаларга зид ҳолда ёки белгиланган тартибда бериладиган рухсатномасиз бажарилаётган топогеодезия ва муҳандислик-геология қидирув ҳамда унга боғлиқ ишлар ва кавлаш ишлари олиб борилишини тўхтатиш;

ўз фаолиятида қуйи ва бошқа етакчи лойиҳа, қидирув ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ўзаро ижодий ҳамкорликни амалга ошириш;

7. Бош бошқарма қуйидагилар учун жавоб беради:

шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, замонавий архитектура ва шаҳарсозлик талаблари, технологияларини ҳисобга олган ҳолда ҳудудларни режалаштириш ва қуришнинг илмий асосланган тарҳлари тайёрланишини таъминлаш;

капитал қурилишни янада иқтисодий ислоҳ қилиш масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни татбиқ этиш ва улар мониторингини олиб бориш, нархларни шакллантириш, пудрат ишлари ва қурилиш материаллари бозорини ривожлантириш усулларини такомиллаштириш;

шаҳарлар, қишлоқ аҳоли пунктлари ва қишлоқлар орасидаги ҳудудларни режалаштириш ва қуришда шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ва стандартларига риоя этилиши, архитектура ёдгорликлари ва маданий мерос объектлари сақлаб қолинишини ҳисобга олган ҳолда уларнинг архитектура-режалаштирилиш ва архитектура-бадиий сифатлари бўйича назорат ишларини олиб бориш ва архитектура ва шаҳарсозликда миллий ва маданий анъаналарни ривожлантириш ишларини мувофиқлаштириб бориш.

IV. Бош бошқарма фаолиятини ташкил этиш

8. Бош бошқармага Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Ташкилий-назорат хизмати билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига мувофиқ лавозимга тайинланадиган ва озод қилинадиган бошлиқ — бош архитектор раҳбарлик қилади.

Бош бошқарма бошлиғи лавозими бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-шаҳарсозлик Кенгашининг аъзоси ҳисобланади.

Бош бошқарма таъминоти харажатларини маблағ билан таъминлаш давлат бюджети маблағлари ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Бош бошқарма ходимларини моддий рағбатлантириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Бош бошқарманинг ўз ваколатлари доирасида шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасида қабул қилган қарорларининг бажарилиши юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурийдир.

Бош бошқарманинг штат жадвали молия органларида рўйхатдан ўтгандан кейин «Давархитектқурилиш» қўмитаси раиси томонидан тасдиқланади.

Шаҳарсозлик ва архитектура ечимлари, архитектура билан уйғунлашган монументал-декоратив санъат асарлари, шаҳарсозлик ҳужжатлари, бино, иншоот, мажмуа лойиҳаларини қуриш, экспертиза қилиш ва сифатини баҳолаш мақсадида Бош бошқарма ҳузурида доимий идоралараро орган — архитектура-шаҳарсозлик Кенгаши тузилади. У ўз ишини «Давархитектқурилиш» қўмитаси раиси томонидан тасдиқланган Низом асосида ташкил қилади ва маслаҳат берувчи орган ҳисобланади.

Архитектура-шаҳарсозлик Кенгашининг шахсий таркиби «Давархитектқурилиш» қўмитаси томонидан тасдиқланади.

9. Бош бошқарма таркибига қуйидагилар киради:

шаҳарлар архитектура ва қурилиш бўлимлари;

туманлар архитектура ва қурилиш бўлимлари;

Бош бошқарма ҳузуридаги хўжалик ҳисобидаги ишлаб чиқариш бошқармаси;

шаҳар ва туман архитектура ва қурилиш бошқарма (бўлим)лари ҳузуридаги хўжалик ҳисобидаги ишлаб чиқариш бўлимлари.

10. Бош бошқарма бошлиғи:

Бош бошқарма фаолиятига раҳбарлик қилади ва Бош бошқармага юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун шахсан жавобгар бўлади;

тегишли органларда Бош бошқарма номидан вакиллик қилади;

шаҳарсозлик ва архитектура фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳолатлари юзасидан айбдор шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш бўйича қарор қабул қилади;

Бош бошқарманинг мулкини бошқаради;

Давлат ҳокимияти органларида, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ва судда, ташкилотлар, муассасалар ва корхоналарда Бош бошқарма манфаатини ҳимоя қилади;

Бош бошқарма таркибий бўлинмалари раҳбарлари ўртасида мажбуриятларни тақсимлайди;

Бош бошқарма таркибий бўлинмалари низомларини тасдиқлайди;

Бош бошқарма ходимларини лавозимларга тайинлайди ва лавозимлардан озод қилади;

кадрлар захирасини тайёрлаш, танлаш, жой-жойига қўйиш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш масалаларини ҳал қилади, ходимларнинг ойлик маошларига устамалар тайинлайди;

Бош бошқарма ходимлари ички меҳнат тартиби қоидаларига, лавозимлар йўриқномаси талабларига ҳамда хизматга оид ҳужжатлар билан ишлаш тартибига риоя қилишини таъминлайди;

юксак меҳнат натижаларига эришган Бош бошқарма ва унга тегишли ташкилотлар ходимларини белгиланган тартибда давлат мукофотлари ва бошқа унвонларга тақдим этади ҳамда бошқа рағбатлантириш чораларини қўллайди;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бухгалтерия ҳисоб-китоби ва статистика ҳисоботи ташкил қилинишига жавобгар бўлади.

11. Бош бошқармани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

Агарда мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнини белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.


Ижтимоий тармоқда тарқатиш: