Қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш

Қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси ва сифатини оширишЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

15.11.2013 й.

N ПҚ-2068

 

 

ҚИШЛОҚ ЖОЙЛАРДА НАМУНАВИЙ

ЛОЙИҲАЛАР БЎЙИЧА ЯККА ТАРТИБДАГИ

УЙ-ЖОЙЛАР ҚУРИЛИШИНИНГ 2014 ЙИЛ

ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА

 

Қишлоқ аҳоли пунктларининг архитектура-режалаштириш қиёфасини янада яхшилаш, намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши кўламини кенгайтириш, қишлоқ жойларда транспорт ва муҳандислик коммуникацияларини, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектларини жадал ривожлантириш ҳисобига қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, "Қишлоқ қурилиш банк" ОАТБ, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, "Ипотека банк" АТИБ ва "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ишлаб чиқилган Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши бўйича 2014 йил дастури маъқуллансин, унда:

1-иловага* мувофиқ 2014 йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича "калити билан топшириш" шарти асосида 11,0 мингта якка тартибдаги уй-жойлар қуришнинг;

2-иловага* мувофиқ 2014 йилда якка тартибдаги қишлоқ уй-жой массивларида ташқи муҳандислик тармоқлари ва транспорт коммуникацияларини барпо этишнинг;

3-иловага* мувофиқ 2014 йилда якка тартибдаги қишлоқ уй-жой массивларида ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари қуришнинг асосий параметрлари назарда тутилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимлари, "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, "Ўзбекэнерго" ДАК, "Ўзтрансгаз" АК, лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этувчи тижорат банклари раҳбарлари зиммасига мазкур қарор билан маъқулланган Дастур параметрлари ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклатилсин.

2. Маълумот учун қабул қилинсинки, 2014 йилда қишлоқ жойларда уй-жойлар қурилишига Осиё тараққиёт банкининг "Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш" лойиҳасининг кўп траншли молиялаштириш дастури доирасида жами 500,0 млн. АҚШ доллари миқдорида бўлган иккинчи траншнинг 100,0 млн. АҚШ доллари миқдоридаги қисми йўналтирилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

"Қишлоқ қурилиш банк" ОАТБ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, "Ипотека банк" АТИБлар учун қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойларни "калити билан топшириш" шарти асосида қурилишини молиялаштириш учун, миллий валютада фоиз ставкаси йилига 3 фоиз, имтиёзли даври 5 йил бўлган 15 йил муддатга кредит линияларини очсин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг асосланган ҳисоб-китобларига биноан 2014 йилда массив ичидаги ва массивга олиб борувчи йўллар қурилиши учун зарур капитал қўйилмалар лимитлари ажратилишини назарда тутсин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:

2013 йилнинг 1 декабригача Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси билан биргаликда 2014 йилда намунавий лойиҳалар бўйича қишлоқ жойларда якка тартибдаги уй-жойларни "калити билан топшириш" шарти асосида қурилишини амалга ошириш учун пудрат ташкилотларини аниқлаш бўйича танлов савдолари ўтказилишини;

"Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси ва тижорат банклари билан биргаликда бир ҳафта муддатда, ўтказилган савдо танловлари натижаларига кўра, 2014 йилда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойларни "калити билан топшириш" шарти асосида қуриш учун буюртмачи билан пудрат ташкилотлари ўртасида шартномалар тузилишини;

2 ва 3-иловаларда* маъқулланган параметрларга мувофиқ якка тартибдаги қишлоқ уй-жой массивларида ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари, транспорт коммуникациялари ҳамда ташқи муҳандислик тармоқлари қурилишини ташкил этишни таъминласинлар.

5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг "Ўзсаноатмашимпэкс" ДАТК томонидан "Қишлоқ қурилиш инвест" МЧЖ инжиниринг компанияси билан тузиладиган шартномаларга мувофиқ намунавий лойиҳалар бўйича қишлоқ жойларда якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун республикада ишлаб чиқарилмайдиган ёғоч-тахта, томга ёпиладиган металл тунукалар ва ёғоч-пайраҳа қириндиларидан тайёрланган плиталарни 4-иловага* мувофиқ ҳажмларда импорт бўйича олиб келиниши тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

6. 2015 йилнинг 1 январигача:

"Ўзсаноатмашимпэкс" ДАТК - 4-иловага* мувофиқ ҳажмларда четдан олиб кириладиган томга ёпиладиган металл тунукалар учун божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари), шунингдек импорт бўйича олиб келинган ёғоч-тахта, томга ёпиладиган металл тунукаларни ва ёғоч-пайраҳа қириндиларидан тайёрланган плиталарни "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компаниясига сотилганида қўшилган қиймат солиғи тўлашдан;

субпудрат ташкилотлари - якка тартибдаги уй-жойларни "калити билан топшириш" шарти асосида қуриш доирасида, "Қишлоқ қурилиш инвест" МЧЖ инжиниринг компанияси билан шартномалар тузган пудрат ташкилотлари билан шартнома бўйича улар томонидан бажариладиган ишлар ҳажми қисмида ягона солиқ тўлови тўлашдан;

5-иловага* мувофиқ рўйхат бўйича қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи корхоналар - барча турдаги солиқлардан, давлатнинг мақсадли жамғармаларига (ягона ижтимоий солиқ бундан мустасно) ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига тўланадиган мажбурий ажратмалардан озод этилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ушбу қарорни амалга ошириш доирасида олиб келинадиган ёғоч-тахта, томга ёпиладиган металл тунукалар ва ёғоч-пайраҳа қириндиларидан тайёрланган плиталар, шунингдек қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши учун 5-иловага* киритилган корхоналарда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материалларининг мақсадли ишлатилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.

Белгилаб қўйилсинки, кўрсатилган қурилиш материаллари мақсадга мувофиқ ишлатилмаган тақдирда, солиқ ва бож имтиёзлари берилиши муносабати билан озод этилган маблағлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган молиявий санкциялар қўлланилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ундириб олинади.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, "Қишлоқ қурилиш инвест" МЧЖ инжиниринг компанияси ва манфаатдор тижорат банклари, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа ташкилотлар иштирокида қишлоқ қиёфасини тубдан яхшилаш, қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси ва сифатини оширишга йўналтирилган намунавий лойиҳалар бўйича қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни кенг ёритиш бўйича телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар туркумини ҳамда мақолалар чоп этилишини ташкил қилишни таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 6-иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      И. Каримов

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2013 йил 15 ноябрдаги

ПҚ-2068-сонли қарорига

6-ИЛОВА

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим қарорларига киритиладиган

ўзгартиш ва қўшимчалар 

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Уй-жой фондини фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шартларида реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича пудрат ишларини кенгайтиришни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2009 йил 29 январдаги ПҚ-1051-сонли қарорининг 3-банди биринчи хатбошида "2014 йилнинг 1 январигача" сўзлари "2016 йилнинг 1 январигача" сўзлари билан алмаштирилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ қурилиш банк" акциядорлик тижорат банкини ташкил этиш тўғрисида" 2009 йил 30 мартдаги ПҚ-1083-сонли қарорининг 4-бандида:

а) учинчи хатбошида "уй-жой қурилиши учун" сўзидан кейин "2014 йилгача" сўзлари билан тўлдирилсин;

б) қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"2014 йилдан бошлаб тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун жисмоний шахсларга кредит маблағлари 15 йилгача бўлган муддатга энг кам иш ҳақининг 1000 баробаригача бўлган миқдорда, 1 йиллик имтиёзли муддат билан, дастлабки 5 йил давомида йиллик 7 фоиз ва қолган 10 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки фоиз ставкасининг 90 фоизи (2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фоиз ставкаси)дан келиб чиқиб ўртача ҳисобланган йиллик фоиз ставкасида ажратилади";

в) тўртинчи ва бешинчи хатбошилар тегишли равишда бешинчи ва олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2009 йил 3 августдаги ПҚ-1167-сонли қарорининг 8-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"8. "Қишлоқ қурилиш инвест" МЧЖ инжиниринг компанияси 2016 йилнинг 1 январигача барча турдаги солиқ тўловларидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси ва бюджетдан ташқари Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилсин".

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилишининг 2013 йил Дастури тўғрисида" 2013 йил 4 январдаги ПҚ-1902-сонли қарорининг 8-банди иккинчи хатбошидаги "кредит линиялари" сўзларидан кейин "15 йил муддатга, шундан 5 йиллик имтиёзли муддат, фоизли ставкаси йилига 3 фоиз" сўзлари билан тўлдирилсин.

 

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 25 ноябрь, 47-сон, 615-модда

 

 Faylni-yuklab-olish.doc [ b] (юклаб олинган: 8)

Агарда мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнини белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.


Ижтимоий тармоқда тарқатиш: