Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтириш

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

03.08.2009 й.

N ПҚ-1167

 

 

ҚИШЛОҚ ЖОЙЛАРДА УЙ-ЖОЙ

ҚУРИЛИШИ КЎЛАМИНИ КЕНГАЙТИРИШГА

ОИД

 ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

 

Мазкур Қарорга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилган

ЎзР Президентининг 11.02.2011 й. ПФ-4275-сон Фармони,

ЎзР Президентининг 14.01.2012 й. ПҚ-1687-сон Қарори,

ЎзР Президентининг 25.01.2012 й. ПФ-4416-сон Фармони,

ЎзР Президентининг 04.01.2013 й. ПҚ-1902-сон Қарори,

ЎзР Президентининг 15.11.2013 й. ПҚ-2068-сон Қарори

 

"Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили" Давлат дастурини ижро этиш ҳамда қишлоқ аҳоли пунктларининг бош режалари ва архитектуравий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳаларига мувофиқ тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши кўламини кенгайтириш асосида қишлоқ аҳолисининг турар-жой шароитларини тубдан яхшилаш мақсадида:

1. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан намунавий лойиҳалар бўйича уй-жой ва ижтимоий аҳамиятдаги объектлар қуришнинг тажриба лойиҳаларини амалга ошириш учун қишлоқ хўжалиги ҳамда ўрмон фонди ерлари тоифасига кирмайдиган 42 та ер массиви танлаб олинди;

2009-2010 йилларда 260,5 млрд. сўм, шу жумладан, 2009 йилда - 65,5 млрд. сўм миқдорида тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича қишлоқ аҳоли пунктларида якка тартибдаги уй-жой қурилишини кредитлаш манбалари аниқлаб олинди.

2. "Қишлоқ қурилиш банк" ОАТБнинг намунавий лойиҳалар бўйича уй-жой қурилишида якка тартибда иморат қурувчиларга кўмак бериш учун республиканинг ҳар бир минтақасида ўз филиалига эга "Қишлоқ қурилиш инвест" ихтисослаштирилган шўъба инжиниринг компаниясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин, унинг зиммасига қуйидаги вазифалар юклансин:

уй-жой бозорини маркетинг жиҳатдан ўрганиш ва бунинг асосида қуриш массивларини, барпо этиладиган уй-жойлар, ижтимоий аҳамиятдаги объектлар ва муҳандислик инфратузилмалари таркиби ҳамда тузилмасини танлаб олиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

қишлоқ аҳоли пунктларида якка тартибдаги янги уй-жойлар, шунингдек ижтимоий аҳамиятдаги объектлар ва муҳандислик инфратузилмаларини "тайёр ҳолда топшириш" шартларида буюртмачи функцияларини шартнома асосида бажариш, жумладан, молиялашни ташкил этиш ва қурилишнинг бориши устидан техник назорат ўрнатиш;

аҳоли буюртманомаларига мувофиқ уй-жойлар, шунингдек намунавий лойиҳалар бўйича "тайёр ҳолда топшириш" шартларида ижтимоий аҳамиятдаги объектлар ва муҳандислик инфратузилмаси объектларини қуриш буюртмаларини объектларни сифатли қуришни таъминлаб бера оладиган амалдаги ва янгитдан ташкил этилаётган пудратчи қурилиш ташкилотлари ўртасида танлов асосида жойлаштириш;

кейинчалик "Қишлоқ қурилиш банк" ОАТБ томонидан бериладиган имтиёзли кредитлар ҳисобидан узил-кесил ҳисоб-китоб қилинган ҳолда намунавий лойиҳалар бўйича қурилган якка тартибдаги уйларни аҳолига бериш, шунингдек муҳандислик инфратузилмаси, ижтимоий-маданий ва санитария-маиший аҳамиятдаги объектларни эксплуатация ташкилотларига топшириш.

3. Қуйидаги тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

"Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда уй-жой бозорини маркетинг жиҳатдан ўрганиш ҳамда аҳолининг буюртманомалари асосида ҳар йили 1 октябргача минтақалар доирасида қуриладиган уй-жойлар ва ижтимоий аҳамиятдаги объектлар ҳажми, таркиби ва тузилмаси бўйича таклифлар тайёрлайди;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан маркетинг жиҳатдан ўрганиш натижалари асосида 1 ноябргача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси ва "Давархитектқурилиш" қўмитаси билан келишилган ҳолда қишлоқ хўжалиги ҳамда ўрмон фонди ерлари тоифасига кирмайдиган ер массивлари танлаб олинади ҳамда кейинчалик улар намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой ва ижтимоий аҳамиятдаги объектлар қуриш учун "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компаниясига топширилади;

аниқ ер участкаси ва намунавий лойиҳани танлаган якка тартибда иморат қурувчи "тайёр ҳолда топшириш" шарти билан тураржой биносини қуришда буюртмачи вазифасини бажариши учун "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси билан шартнома тузади;

якка тартибда иморат қурувчи билан тузилган шартнома асосида "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси буюрмачи сифатида "тайёр ҳолда топшириш" шарти билан намунавий лойиҳа бўйича якка тартибдаги тураржой биноси қурилиши юзасидан барча ишлар комплексини ташкил этади;

қурилиш якунлангандан кейин ва якка тартибда иморат қурувчи томонидан далолатнома бўйича тураржой биноси қабул қилингандан сўнг якка тартибда иморат қурувчига ер участкасини ажратиш туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан кимошди савдоси ўтказилмасдан умрбод мерос қилиб қолдириладиган мулк тарзида расмийлаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Б.А.Хўжаев) "Қишлоқ қурилиш банк" ОАТБ, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси иштирокида якка тартибдаги уй-жой қурилишини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

4. "Қишлоқ қурилиш банк" ОАТБ:

Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси билан биргаликда икки ҳафта муддатда ихтисослаштирилган "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси уставини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

бир ой муддатда "Қишлоқ қурилиш инвест" компаниясининг зарур моддий-техника базаси яратилишини назарда тутган ҳолда унинг устав капиталини шакллантирсин, шунингдек компаниянинг малакали мутахассислар билан тўлдирилишини таъминласин;

зарур ҳолларда, банк устав жамғармаси маблағларини гаров тариқасида қайтариш асосида ажратиб берилишини назарда тутган ҳолда "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компаниясини ушбу жамғарма маблағи ҳисобидан айланма маблағлар билан таъминласин.

5. Белгилансинки:

сув таъминоти объектларини қуриш республика бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади; (ЎзР Президентининг 14.01.2012 й. ПҚ-1687-сон Қарорига мувофиқ киритилган хатбоши)

ЎзР Президентининг 14.01.2012 й. ПҚ-1687-сон Қарорига мувофиқ иккинчи ва учинчи хатбошилар учинчи ва тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин

якка тартибдаги уй-жой қурилиши массивларида ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари қурилиши инвесторлар маблағлари ва тижорат банклари кредитлари ҳисобидан амалга оширилади;

ижтимоий инфратузилма объектлари ва ташқи муҳандислик тармоқлари қурилиши маҳаллий бюджет ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:

ихтисослаштирилган "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси ва унинг минтақавий филиалларига зарур инфратузилмани ташкил этиш учун шартнома асосида ер участкаларини ажратиш тарзида ёрдам кўрсатсин;

Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси ва "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда, тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қуришга тасдиқланган бош режа асосида ҳар йили қишлоқ хўжалиги ва ўрмон фонди ерлари тоифасига кирмайдиган ер участкалари ажратилишини таъминласин;

"Қишлоқ қурилиш банк" ОАТБ кредитлари ҳисобидан тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши массивларида барпо этиладиган муҳандислик инфратузилмаси ва ижтимоий аҳамиятдаги объектларнинг илдам қурилишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси:

танланадиган ер массивларининг муҳандислик тармоқлари ва транспорт коммуникациялари билан таъминланганлиги, ишга тушириладиган уй-жой ҳамда ижтимоий-маданий ва санитария-маиший объектларга бўлган амалдаги талабнинг мавжудлиги комплекс экспертизадан ўтказилишини таъминласин;

якка тартибдаги уй-жой қурилишида қурилиш нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан қаттиқ назоратни амалга оширсин.

8. "Қишлоқ қурилиш инвест" МЧЖ инжиниринг компанияси 2016 йилнинг 1 январигача барча турдаги солиқ тўловларидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси ва бюджетдан ташқари Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилсин. (ЎзР Президентининг 15.11.2013 й. ПҚ-2068-сон Қарори таҳриридаги банд) (Олдинги таҳририга қаранг)

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2007 йил 18 майдаги ПФ-3878-сон Фармонининг 4-банди қишлоқ жойларда "Қишлоқ қурилиш банк" ОАТБ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва "Ипотека банк" АТИБ кредитлари ҳисобидан намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда иморат қурувчиларга нисбатан татбиқ этилсин. (ЎзР Президентининг 04.01.2013 й. ПҚ-1902-сон Қарори таҳриридаги банд)

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Бош назорат-тафтиш бошқармаси уй-жой ва ижтимоий инфратузилма объектлари қурилишига ажратилаётган маблағлардан, шу жумладан, "Қишлоқ қурилиш банк" ОАТБнинг имтиёзли кредитларидан мақсадли фойдаланилиши устидан тизимли равишда текширувлар олиб борсин.

11. Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                        И. Каримов

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 32-33-сон, 358-модда.

 Faylni-yuklab-olish.doc [ b] (юклаб олинган: 24)

Агарда мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнини белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.


Ижтимоий тармоқда тарқатиш: