Бунёдкорлик — фаровонлик демак

Бунёдкорлик — фаровонлик демак

Айни пайтда Навоий шаҳридаги марказий деҳқон бозори томонга йўли тушган ҳар бир киши ушбу ҳудудда қад ростлаётган янги турар-жой бинолари, савдо объектларига бир разм солмай, шунчаки ўтиб кетолмайди. Замонавий қурилиш материалларидан кенг фойдаланиб амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўриб, бир-бирининг қиёфасини такрорламайдиган иморатларни кузатаркансиз, бехос бу манзарага тикилиб қоласиз.

17-кичик туманда охирги икки-уч йил ичида қурилиши бошланган бир қатор объектларда ишлар тўла якунланиб, ҳозирда бинолар фойдаланишга топширилиш арафасида турибди. "Пардоз капитал таъмир сервис" МЧЖ уйсозлари томонидан қу­­рилиши олиб борилаётган, ҳар бири 48 хонадондан иборат бўлган 4 та турар-жой биноси­нинг биттасига эса оилалар аллақачон кўчиб ўтган. Катта қурилиш майдонига айланган ҳудудга кириб борарканмиз, рўпарама-рўпара турган ушбу биноларнинг тепа қаватларида иш олиб бораётган қурувчиларга кўзимиз тушди. Минорали кран оҳисталик билан "тум­шуғи"ни улар тарафга йўналтираркан, бетон қоришмаси тўлдирилган "темир ҳовуч"ни тепа қаватга етказиб берди. Бошқа тарафда пайвандловчи гуруҳ сўнгги қаватдаги ишларни ба­­жараётган экан. МЧЖ иш бошқарувчиси С. Мустафоев бизни қурилиш ишлари билан та­ништираркан, яна бир бинода охирги пардозлаш ишлари олиб борилаётгани, янги йил арафасида бу уйнинг ҳам фойдаланишга топширилишини таъкидлаб ўтди.

— Қурилиш ишлари 2012 йилда бошланган эди, — дейди Сулаймон ака биз билан суҳбатда. — 70 нафар ишчи-хизматчиларимизнинг меҳнати эвазига айни пайтда ишлар­нинг ярмидан кўпи амалга оширилди. Ҳозирда фойдаланишга топширилган бинода 30 дан ортиқ оила истиқомат қилаяпти. Ушбу бинонинг биринчи қаватидан савдо дўконлари, маиший хизмат кўрсатувчи нуқталар ҳамда новвойхона ҳам ўрин олган. Тез кунда буларнинг барчаси ишга туширилади. Биноларимиз икки ва уч хонали квартиралардан иборат. Кейинги йил Наврўз байрамига қадар қолган иккита уй ҳам ўз эгаларига топширилади. Бу ёғи энди об-ҳавога боғлиқ. Насиб бўлса, ишларимизни ўз вақтида удда­лаб, зиммамиздаги масъулиятни оқлаймиз.

Бригадир И. Рўзиқулов ва у кишининг бетон-ғишт терувчилар гуруҳи томон яқинлашарканмиз, йигитларнинг чаққонлик билан иш олиб бориши жараёни устидан чиқдик. Тепа қаватларда эса Р. Самиев бошчилигидаги яна бир гуруҳ хонадонларнинг балкон қисмига ғишт териш билан овора экан. Сўнгги пардозлаш ишлари олиб бори­лаётган бинода пайвандловчилар сантехника ва канализация тизимига улаш ишларини амалга оширмоқда. 2 та минорали кран ва 1 та 40 тонна юк кўтариш қувватига эга ав­токран ҳамда дам-бадам ҳовлига шағал тош келтириб тўкаёган юк машиналари қурилиш ишларини жадал олиб боришда уйсозларга кўмаклашаётганини кўриш мумкин.

Ушбу кичик туманда "Навоий олтин воҳа" хусусий корхонаси томонидан 7 қаватли яна бир турар-жой биноси қурилиши якунланиш арафасида турибди. 150 хонадондан ибо­рат бўлган объектда ҳозирда сўнгги пардозлаш ишлари олиб борилаётир. Бу ердаги ишлар кўлами ҳам аввалгисидан кам эмас. Жараённи кўздан кечирар эканмиз, бинонинг ноёб архитектуравий ечимга эга эканлиги диққатимизни тортди. Хусусий корхона раҳбари Искандар Тўхтаев бизга қуйидагиларни гапириб берди:

— Эътибор қаратадиган бўлсак, сўнгги йилларда қурилаётган аҳоли турар-жой биноларининг биринчи қаватига турли сервис хизматлар кўрсатадиган шохобчалар жойлаштирилаяпти. Бу ҳам аҳоли учун катта қулайлик, албатта. Корхонамизнинг 150 нафар ишчи-хизматчисининг икки йиллик меҳнати эвазига қад ростлаган бу бинода ҳам биз ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратдик. Тез кунларда барча уйлар калитлари ўз эгаларига топширилади.

Бугун юртимизда барпо этилаётган ҳар бир иморатни мустақиллик даври кишиларининг ўй-хаёли, хоҳиш-истаги рамзига менгзаш мумкин. Бу имкониятлар эса аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш ва фаровонликда муҳим омил бўлаётир.

манба: "Дўстлик байроғи" газетаси

Агарда мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнини белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.


Ижтимоий тармоқда тарқатиш: