Намунавий мажмуалар аҳоли хизматида

Намунавий мажмуалар аҳоли хизматида

Бугунги кунда қишлоқ жойларида истиқомат қилувчи аҳоли учун қулай шарт-шароитларни яратиш устувор масалага айланган. Ички йўлларнинг таъмирланиши, ичимлик суви қувури тортиш, намунавий уй-жойлар, замонавий бозор расталарининг барпо этилаётгани ушбу ҳудудларда амалга оширилаётган ана шундай ишларнинг намунаси, дейиш мумкин.

Ҳозирда аҳоли гавжум яшайдиган жойларда сервис хизмати кўрсатадиган шохобчаларни ташкил этиш ҳам муҳим масала бўлиб турибди. Ҳудудларда бундай мажмуаларнинг ишга туширилаётгани ўша ерда яшовчи аҳоли учун янги иш ўринлари яратибгина қолмай, катта қулайликларга ҳам омил бўлаяпти.

Жорий йилда Навбаҳор туманида "Соғлом бола йили" Давлат дастури доирасида бир қатор ҳудудларда намунавий хизмат кўрсатиш мажмуалари ташкил этиш белгиланган бўлиб, бугунгача бир қатор ишлар амалга оширилди. Таркибидан гўзаллик салони, тикув цехи, пойафзал, маиший техникаларни таъмирлаш хизматлари ўрин олган бундай объект­ларнинг бир нечтаси ҳозирда "Арабсарой" ҚФЙ, "Fужбоғтепа", "Қалқонота" маҳаллаларида ишга туширилган. Арабсарой қишлоғи ҳудудида кўп йиллардан буён эски бино яроқсиз ҳо­латда қаровсиз турарди. Бу объект қишлоқ марказида жойлашган бўлиб, ҚФЙ таркибидаги маҳаллаларга ҳам унча узоқ эмас. Ўтган йили қишлоқ аҳолиси бинони буздириб, ўрнига сервис хизмат кўрсатувчи шохобчалар ҳамда бир қатор савдо дўконларини барпо этишга қарор қилишди. Эски бино ўрни тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган аҳолига бўлиб берилгач, ўтган йил охирида лойиҳалар тасдиқланиб, жорий йил бошидан қурилиш ишла­ри бошлаб юборилган эди. Қарабсизки, бугунги кунда қурилиши тўлиқ якунланган 31 та дў­кон ҳамда сервис объектлари ўтган-кетганнинг диққатини тортаяпти.

Манба: "Дўстлик байроғи" газетаси

Агарда мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнини белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.


Ижтимоий тармоқда тарқатиш: