Обод манзиллар таровати

Обод манзиллар таровати
“Қулай, шинам ва замонавий”. Бугунги кунда мамлакатимиз қишлоқларида намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган тураржойларга ана шундай таъриф берилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Негаки, улар нафақат ташқи кўриниши, балки одамларга яратилган шарт-шароитлари билан ҳам ҳамманинг ҳавасини келтирмоқда.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида бошланган мазкур эзгу ташаббус эндиликда юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёзмоқда.
Миллий ва замонавий архитектура ечимларини ўзида мужассамлаштирган бундай иморатлар барчанинг ҳавасини келтираяпти. Айниқса, камдан-кам давлатлардагина учрайдиган ана шу бинокорлик тажрибаси чет эллик эксперт ва мутахассислар томонидан ҳам юқори баҳоланаётгани диққатга сазовордир. Бунга мисол сифатида 2013 йилнинг апрель ойида юртимизда бўлиб ўтган “Замонавий уй-жой қурилиши — қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили” мавзуида ўтказилган конференцияни қайд этиш ўринли. Чунки унда олтмишдан зиёд давлатдан 300 нафардан ортиқ олим, мутахассис ва экспертлар, мамлакатимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус вакиллари иштирок этиб, янги мавзеларда истиқомат қилаётган аҳолининг турмуш шароити билан бевосита танишдилар. Қишлоқларимизда юз бераётган ўзгаришлар одамларнинг онгу шуурини, дунёқарашини ўзгартириб, эртанги кунга ишончини тобора мустаҳкамлаётганига гувоҳ бўлдилар. Бу, албатта, халқимиз ҳеч кимдан кам бўлмай турмуш кечираётгани, мустақил Ўзбекистон ўзи танлаган йўлдан шахдам қадам ташлаб, барқарор ривожланаётганидан далолатдир.
Маълумки, ҳар қандай бино ва иншоотнинг қурилишида унинг меъморий ечими муҳим аҳамият касб этади. Шундан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан 2010 йил 17 июнда қабул қилинган “Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида хусусий уй-жой қурилишини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, республикамизда “Қишлоқ қурилиш лойиҳа” институти мутахассислари уч, тўрт ва беш хонадан иборат бир қаватли тураржойларнинг янги лойиҳаларини тайёрлагани айни муддао бўлди. Гап шундаки, уларда ҳудудларнинг иқлими, об-ҳаво шароити ҳамда рельефи сингари ҳаётий омиллар инобатга олинган ҳолда, уйларнинг умумий майдони, хоналар ва гараж қисмига ўзгартишлар киритилди.
Бундай янгиликлар, шунингдек, иситиш, газ ва сув таъминоти тизимида ҳам қўлланилди. Уй-жойларни тиклашда эса асосий эътибор маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланишга қаратилди. Буларнинг бари пировардида нафақат қурилиш жараёнини намунали ташкил этиш, ишни тез ва сифатли бажаришга, балки қишлоқларимизнинг шаҳардагидек кўркам қиёфа касб этишига туртки берди. Биргина ўтган йилнинг ўзида намунавий лойиҳалар асосида 11 мингта қулай, шинам ва замонавий уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилгани эса юртдошларимизга олам-олам қувонч бахш этди.
Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, кўплаб ривожланган давлатларда оилаларнинг ярмидан кўпи ижарага олинган хонадон ва уйларда яшашини, бизда мустақиллик йилларида уй-жой фондининг умумий майдони 1,9 баробар ошганини инобатга олсак, бу тадбирнинг нечоғли муҳим эканлигини англаш қийин эмас.
Эътиборли жиҳати, юртдошларимиз, шу жумладан, қишлоқларда яшовчи одамларнинг бахтли ва фаровон турмуш кечиришини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади. Хусусан, жорий йилда 292 та қишлоқ массивида 12 мингта намунали уй-жой қуриш режалаштирилган. Уларда замонавий инфратузилмани яратиш мақсадида 283,9 километрлик газ, 277,4 километрлик ичимлик суви, 273,5 километрлик электр энергияси тармоқлари тортилиб, 244,4 километрлик ички йўллар ҳамда 169 та турли ижтимоий объект бинолари бунёд қилинади. Бунинг учун эса зарур қурилиш материаллари пудрат ташкилотларига марказлашган ҳолда, имтиёзли нархларда етказиб берилади.
Мухтасар айтганда, озод юртимизнинг обод гўшалари йил сайин кўпайиб, халқимиз турмуши янада фаровон бўлишига хизмат қилмоқда. Зеро, соҳада изчил амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон манфаатлари устуворлигини таъминлашдан иборатдир.

Манба:xs.uz

Агарда мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнини белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.


Ижтимоий тармоқда тарқатиш: