Маҳалланинг янги биноси

Маҳалланинг янги биноси

Наврўз шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Кармана туманидаги "Калавот" маҳалла фуқаролар йиғини янги бинода иш бошлади.

Шу муносабат билан, маҳалла биносининг очилиш маросимида Юртбошимиз раҳнамолигида маҳалла институтининг жамият бошқарувидаги ўрнини мустаҳкамлаш, жаҳон тажрибасида ноёб тузилма ҳисобланган мазкур ўзини ўзи бошқариш органи фао­лиятини такомиллаштириш ва ваколатларини кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратилаётгани таъкидланди. Айниқса, "оила – маҳалла – таълим муассасаси" меха­низмига асосланган соғлом авлод тарбиясида ҳам маҳалланинг роли беқиёс ўрин тутади.

– Маҳалламизнинг замонавий биносида йиғин ходимлари учун алоҳида хона ва барча қулайликлар яратилган, – дейди фуқаролар йиғини раиси Барно Файзиев. – Шунингдек, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида маҳалла биносида пойабзал таъмирлаш маиший хизмат нуқтаси ҳам ташкил этилди. Энг муҳими, фуқаролар билан янада яқинроқ ишлаш учун барча шароитлар муҳайё.

Янги бино 240 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилди.
– Кундан-кун чирой очаётган мамлакатимизда инсон эртанги гўзал кунини кўришга ошуфта бўлиб яшайди, – дейди меҳнат фахрийси Мухтор Туробов. – Маҳалланинг кўркам қиёфасини кўриб, дилим яйрайди. Илгари бундай янгиланишларни ҳатто ҳавас ҳам қилол­мас эдик. Мустақиллигимизга, тинчлигимизга кўз тегмасин. Бу бунёдкорликлар фарзанд­ларимизнинг келажаги учун амалга оширилмоқда.

Манба:dustlikbayrogi.uz

Агарда мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнини белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.


Ижтимоий тармоқда тарқатиш: