Чўлдаги гавҳар ёхуд Зарафшон шаҳридаги улкан бунёдкорликлар

Бугун шаҳар ва қишлоқларимиз ўз ҳуснини ўзгартириб, янада обод масканга айланмоқда. Бу ишлар юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларининг, қурилиш соҳасига қаратилаётган юксак эътиборнинг натижасидир. Соҳадаги ушбу ўзгаришларни Навоий вилоятининг олис Зарафшон шаҳрида ҳам кузатиш мумкин. «Саҳро гавҳари», дея эътироф этилаётган шаҳарда ижтимоий-иқтисодий муҳит ҳар қачонгидан-да соғломлашиб, халқимиз фаровонлиги янада юксалмоқда. Агар шаҳарнинг 2017-2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига эътибор қаратадиган бўлсак, унинг доирасида қиймати 65 млрд 737 млн сўмлик жами 171 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилганини кўриш мумкин. Бунда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги маҳсулот турларини ўзлаштириш асосий мақсадга айланган.

– Жорий йилда саноат соҳасининг ўзида 322 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулот экспорт қилишни режалаштирган эдик, – дейди суҳбат чоғида Зарафшон шаҳар иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлими бошлиғи Мирзоҳид Жўраев. – Бугунги кунда эса бу кўрсаткич 458 минг АҚШ доллари миқдорида бажарилган бўлиб, режага нисбатан 142 фоизни ташкил этмоқда. Шаҳримизда хусусий мулкчиликни жадал ривожлантириш, давлат мулки объектларидан оқилона фойдаланиш борасида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29 сентябрдаги қарори Конимех, Нурота, Учқудуқ ва Томди туманлари қатори Зарафшон шаҳри аҳлини ҳам хушнуд этди.

Мазкур қарорда жорий йил 1 октябрдан бошлаб юқорида санаб ўтилган ҳудудларда ишлатилмаётган ва бўш турган давлат объектлари тадбиркорлик субъектларига янги иш ўрни яратиш шарти билан 10 йилгача муддатга «ноль» қийматда ижарага берилиши белгилаб қўйилган. Зарафшон шаҳар ҳокимлиги ҳам ушбу имтиёзларга ўз муносабатини билдириб, 12 та бўш турган бинони хатловдан ўтказди. Улар тадбиркорлик субъектларига тендер савдолари орқали «ноль» харид қийматида берилиб, ўзини тиклаб олиши учун кўмак кўрсатилмоқда ва ойлик мониторинги олиб борилмоқда. Маълумки, Зарафшон шаҳри саноатлашган ҳудуд саналади. Шундан бўлса керак, шаҳарда бўш турган бинолар ҳам анча кўп. Авваллари бу каби бинолардан мақсадли ва самарали фойдаланиш борасида тажриба тўплаган ҳокимлик мутасаддилари томонидан шаҳар четидаги бир неча гектарни эгаллаган «Арианна текстиль» МЧЖга акрил ипларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадлари учун «ноль» харид қийматида берилган эди. Ўтган қисқа вақт давомида корхона ўз молиявий ҳолатини яхшилаб, маҳсулот тури ва ҳажмини оширди.

– Корхонамизга жорий йил тижорат банки томонидан 553 минг АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит маблағлари ажратилди, – дейди корхона раҳбари Баҳодир Тўлаганов. – Бу маблағга хом ашё ва асбоб-ускуналар сотиб олиб, 30 та қўшимча иш ўрни яратамиз.

Зарафшон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ўнлаб фаолият турларини ўз ичига олган. Унда лойиҳа ташаббускорлари томонидан бўш турган бино ва иншоотларнинг шарт-шароитлари ҳам тўла ҳисобга олинган. Мисол учун, чорвачилик ва паррандачиликка ихтисослашган «Нурли диёр парранда» МЧЖ қарийб 3 гектарлик мулкий мажмуани тендер савдолари орқали «ноль» харид қийматида олиб, фойдаланиб келмоқда.

Зарафшон шаҳрини бугун бунёдкорлик майдонига қиёслаш мумкин. Бу ерда барпо этилаётган бир-биридан кўркам ва замонавий иморатлар сифатли, муҳими, маҳаллий қурилиш маҳсулотларидан бунёд этилмоқда. Асосан қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Омад бизнес Зарафшон» масъулияти чекланган жамияти учун мазкур ҳудуд ҳақиқатан ҳам омадли бизнес юритишга қулайдир. Биринчидан, пишиқ ғиштга бўлган талаб юқори, иккинчидан, Қизилқум чўллари қум ва хом ашё захираларига бой. Қисқача айтганда, қулай ишлаб чиқариш муҳити ҳукмрон.

– Бир пайтлар темир-бетон ишлаб чиқариш заводи бўлган мазкур мажмуа анча йиллардан буён фаолият юритмай келаётган эди, – дейди корхона раҳбари, тадбиркор Улуғбек Файзиев. – Қарийб 1 млрд сўм инвестиция киритилгани, кейинчалик олинган 8 млрд сўм тижорат банкининг кредитлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан бирга, энергия тежамкорлигига эришишимиз учун имконият яратди. Шу билан бирга қум конига ўрнатилган майдалаш цехи томонидан хом ашёни тўғридан-тўғри етказиб беришга эришдик. Бу эса маҳсулотнинг сифатли ва арзон бўлишини таъминлаяпти.

Ишнинг кўзини билган тадбиркор корхонани ривожлантириш стратегиясини белгилаб олган. Ушбу асосида ишларни ташкил этади ва босқичма-босқич қўшимча лойиҳаларни амалга ошириб бормоқда. Бу нафақат ғишт, балки ўнлаб бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришда, балки хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам бўлиши мумкин. Тадбиркор томонидан яқинда ишга туширилган меҳмонхона қурилиши учун ҳам деярли барча маҳсулотлар корхона томонидан етказиб берилди. Бу эса иншоот таннархини пасайишига олиб келди. Ушбу маскан нафақат Зарафшон шаҳри, балки вилоят шимолидаги Учқудуқ ва Томди туманларига ташриф буюрган сайёҳлар ва меҳмонларга ҳам хизмат кўрсатмоқда.

Замонавий ва барча қулайликларга эга бўлган «Зарафшон» меҳмонхонасини кичик сайёҳлик мажмуасига қиёслаш мумкин. Боиси, бу ерда туристик хизматлар ҳам кўрсатилади, турли хил маданий тадбирлар, кўргазмалар ташкил этиш имконияти мавжуд. Миллий ва замонавий архитектура уйғунлигида бунёд этилган мажмуа 40 ўринга мўлжалланган. Ушбу меҳмонхона шаҳардаги бундай масканларнинг дастлабкиси ҳисобланади. Бир пайтлар қаровсиз, фойдаланилмасдан турган бино тадбиркорга 4,5 млрд сўм инвестиция киритиш шарти билан «ноль» харид қийматида берилган эди. 40 нафар малакали қурувчи, уста ва дизайнерларнинг иш олиб бориши самарасида қисқа муддатларда муҳташам бино қад ростлади.

Зарафшон шаҳри бежиз Ўзбекистоннинг олтин сандиғи, Қизилқум жавоҳири деган эътирофларга сазовор бўлмаган. Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Бугун шаҳарда нафақат қимматбаҳо рангли металл саноати, балки хусусий тадбиркорлар томонидан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳам кенг ривожланмоқда. Бир сўз билан айтганда, олис чўл ҳудудларида ҳам улкан бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари давом этмоқда.

Азамат САФАРОВ,
«O‘zbekiston bunyodkori» мухбири.

Агарда мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнини белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.


Ижтимоий тармоқда тарқатиш: