БУНЁДКОРЛИКДА ЗАМОНАВИЙ ЛОЙИҲАЛАР

БУНЁДКОРЛИКДА ЗАМОНАВИЙ ЛОЙИҲАЛАР












– Ҳар йили баҳорда қишлоғимиздаги кўприк Олтинсойдан келаётган сел тошқини пайтида хавф остида қоларди. Ўтган йили бу ерда тошқиннинг олдини олиш объекти қурилиб, кўпригимиз сел офатидан ҳимояланди…
Хатирчи тумани Қорача қишлоғида кўп йиллардан буён яшаб келаётган Абдулла ака Бекпўлатов уйига келган меҳмонларга ўз қадрдон масканида амалга оширилган эзгу ишлар, янгиликлар ҳақида фахрланиб сўзларди...
Дарҳақиқат, “Навоийшаҳарсозлик лойиҳалаш институти” масъулияти чекланган жамиятининг замонавий ва мукаммал лойиҳалари асосида вилоятимизнинг кўплаб шаҳар ва туманларида мана шундай пишиқ ва мустаҳкам объектлар барпо этилаяпти. Уларнинг 2013 йилда тайёрлаган лойиҳалари асосида Хатирчида учта сел тошқинларининг олдини олиш объектлари қурилгани туман аҳолисининг айни дилидаги муддаоси эди.
Ҳозирги пайтда мазкур институт жамоаси шаҳар ва туманлардаги ижтимоий соҳа объектларини лойиҳалаштириш, аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизими, аҳоли турар жойлари объектларини лойиҳалаштириш бўйича белгиланган давлат дастури асосида бир қатор ишларни олиб боришмоқда.
– Институтимизнинг асосий буюртмачилари вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” ин­жиниринг компанияси, 24-сонли қурилиш корхоналари бирлашмаси дирекцияси, “Ўзбектелеком” АК Навоий филиали, “Қизилқумцемент” АЖ ва “Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” ОАЖ ларидир, – дейди институт бош муҳандиси Ориф Мўминов. – Уларнинг буюртмалари асосида иншоотларнинг лойиҳасини ишлаб чиқамиз, лойиҳа смета ҳужжатларини тайёрлаймиз. Жумладан, 2013 йилда лойиҳамиз асосида Кармана туманидаги “Ишонч” оромгоҳи қайта қурилди.
Ўтган йили шаҳримизнинг 10-кичик ҳудудида кўп қаватли турар жой биноси ўзига хос дизайн асосида лойиҳалаштирилиб, бунёд этилгани барчага манзур бўлди. Айни вақтда бу ерда “Ипак йўли” АИТБ Навоий филиали маъмурий биносининг лойиҳаси ишлаб чиқилиб, қурилиш ишларига йўналтирилди.
– Лойиҳаларни ишлаб чиқишда асосан, ўша жойнинг табиий иқлим шароити, релъефини эътиборга оламиз, – дейди институт бош архитектори Фурқат Эгамназаров. – Шу билан бирга уларни меъморчиликдаги миллий анъаналаримизни ҳисобга олиб, жаҳон андозалари асосидаги замонавий архитектура услубларини ҳам уйғунлаштирган ҳолда тайёрлаймиз. Жумладан, Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғи ҳам ландшафт архитектураси ва мукаммал лойиҳаларимиз асосида барпо этилгани унинг аввалги кўринишини тубдан ўзгартириб юборди.
Шу кунларда институт меъморлари 2015 йилда фойдаланишга топширилиши мўлжалланган шаҳардаги кўп тармоқли марказий поликлиника янги биносининг қурилиш лойиҳасини ҳам тайёрлашмоқда. Бир сўз билан айтганда, ушбу тажрибали муҳандис ва меъморлар истиқболли лойиҳалар устида изланишлар олиб боришаяпти.

Агарда мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнини белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.


Ижтимоий тармоқда тарқатиш: