Ер ости метроси ер усти метросига уланади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги 2979-сонли қарорига мувофиқ, Тошкентда электрлаштирилган икки изли ҳалқа темир йўлини қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур лойиҳа доирасида янги ҳалқа линиясида электричкалар қатновини йўлга қўйиш режалаштирилганди.

Аммо «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот марказидан олинган маълумотларга кўра, пойтахтимизнинг чекка ҳудудларида яшовчи аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматини яхшилаш, автомобиль йўлларида тирбандликларнинг юзага келишини бартараф этиш учун бошқа лойиҳа ишлаб чиқилди. Яъни, «Боштранслойиҳа» АЖ томондан ишлаб чиқилган янги лойиҳага мувофиқ, электричкалар ҳаракатланадиган темир йўл ўрнига эстакада бўйлаб юрадиган ер усти метроси қуриладиган бўлди.

Хабар қилинишича, бу борадаги якуний қарор аввалги лойиҳани шаҳарнинг бино ва иншоотлари зич жойлашган даҳаларида амалга ошириш қатор мураккабликларни туғдирган, ўз навбатида бу жараён ҳудудларда жойлашган кўплаб турар жойлар ва саноат объектларининг бузилишини талаб этиши маълум бўлган. Янги лойиҳа соҳанинг етакчи хорижий мутахассислари билан биргаликда шаҳар режаси, мавжуд иншоотлар, саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарини максимал даражада сақлаб қолиш шарти билан ишлаб чиқилган.

Таъкидлаш жоиз, аввалги лойиҳага мувофиқ умумий узунлиги 72,1 километрга тенг ҳалқа темир йўлининг 6 километри турли хилдаги эсткадалар, кўприклар ва йўлўтказгичлар ташкил этиши лозим эди. Янги лойиҳага кўра, ер усти метроси йўлларининг умумий узунлиги 52,1 километрни ташкил қилади ва мазкур йўллар Тошкент метрополитенининг мавжуд ва қурилаётган ер ости линиялари билан кесишади. 2021 йилгача қуриб битказилиши кўзда тутилган, пойтахтнинг Яшнобод, Яккасарой, Учтепа, Шайхонтоҳур, Олмазор, Юнусобод, Чилонзор ва Сергели туманлари ҳудудлари орқали ўтадиган ер усти метроси линияларидаги бекатлар сони тахминан 35 тани ташкил этади.

Хабарда шунингдек, метронинг Юнусобод ва Сергели йўналишларини қуриш жадал суръатлар билан давом эттирилаётгани қайд этилган.

МАНБА DAVARX.UZ

Агарда мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнини белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.


Ижтимоий тармоқда тарқатиш: